Совуқ ва қўрқинчли коинотдаги чинакам жаннатмакон гўша (The real paradise in the cold and endless space)

Earth

     Ривожланиш эволюциясининг дастлабки даврларидан, то бугунги кунгача башарият чексиз коинот объектлари ҳақидаги саволларга жавоб излайди. Бу борада биз ўзимиз истиқомат қилаётган сайёрамиз ҳақида нималарни биламиз? Унинг миқёси ва Қуёш тизимидаги ўрни ва аҳамияти қай даражада?

    Олиб борилаётган изланишлар, тадқиқотлар кундан-кунга ҳайратомуз ва фавқулодда кутилмаган маълумотларни тақдим қилмоқда. Ушбу мақола орқали юқоридаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилиш баробарда она сайёрамизга тааллуқли бўлган баъзи билимларни рақамлар ёрдамида тушунтиришга уриниб кўраман.

    Ер атрофида биргина табиий йўлдоши Ой айланиб юради. Ернинг марказидан Ойнинг марказигача бўлган ўртача масофа 384467 км бўлиб, ушбу оралиққа бизнинг қуёш тизмимизга кирувчи барча сайёраларни чиройли тартиб билан жойлаштириш мумкин ва бунда ҳатто бироз масофа (тахминан 8030 км) ортиб ҳам қолади (1-расм).

earth-and-moon

1-расм

    Ҳолбуки, Юпитерда 67 та, Сатуринда эс 62 та табиий йўлдошлар мавжуд. Ҳа албатта ушбу кўрсаткич бўйича сайёрамиз илғорлар сафида эмас, унда халқалар ҳам йўқ – аммо унда набобат, ҳайонот, одамзот, об-ҳаёт бор!

    Сайёрамиз Қуёш атрофида учинчи ўринда жойлашган (2-расм) ва  тахминан ундан 150 миллион километр узоқликдаги орбита бўйлаб 29,765 км/секунд тезлик билан айланади. Ўз орбитаси бўйлаб айланиш жараёнида, у Қуёш атрофини 365 кунда тўлиқ айланиб чиқади.

The Third Planet

2-расм

    Ушбу масофа кўпайиб ёки камайиб туради, бунинг асосий сабаби, ернинг айланиш орбитаси эллипс шаклига эга. Энг кўп узоқлик, 152 млн. км бўлиб, у июль ойида қайд қилинади. Ками эса январь ойида қайд этилиб, у 147 млн. км тенг. Йўлнинг 152 млн. км бўлган қисми афелий (Қуёш атрофида айланувчи осмон жисми орбитасининг, ундан энг узоқлашган нуқтаси) деб, 147 млн. км қисми эса перигелий (Қуёш атрофида айланувчи осмон жисми орбитасининг, унга энг яқин келган нуқтаси) деб аталади (3-расм). http://usm.uz/wp-content/uploads/2016/10/Distance-between-Sun-and-Earth.jpg

3-расм

    Сайёрамизни ўраб турган юпқа геосфера қатлами, бизни совуқ ва руҳсиз коинотдан ажратиб туради. Инсон коинотнинг қандай кенгликларига етиб бормасин, унинг учун Ер, ягона ҳаёт ўчоғи бўлиб қолаверади. Негаки, Қуёш тизимида Сиз кўкрагингизни тўлдириб нафас оладиган биргина макон мавжуд бўлса, у ҳам фақатгина она сайёрамиз ва бу унинг атрофини ўраб турган геосфера (Ернинг концентрик қобиғи — гидросфера, литосфера, атмосфера, биосфера ва ҳаказолардан иборат) туфайлидир ва уларсиз ердаги барча тириклик манбалари завол топади.

    Атмосфера – Ернинг ҳаво қобиғи бўлиб,  асосан азот (78%), кислород (21%), аргон (1% камроқ), карбонат ангидрид гази (0,02%- 0,03%) ҳамда бир мунча гелий неон, ксенон, криптон, водород, озон, аммиак, йод (0,01%) ва яна бошқа моддалар аралашмасидан ташкил топган.   Бундан ташқари атмосферада  сув буғлари ва чанглар (4%) ҳам бор. Атмосфера таркибида озон қатлами мавжуд (уч атомли кислород, О3) ва у Ер экваторидан 15-20 км баландликда, муътадил кенгликларида – 22-26 км ва қутбларида – 8-10 км баландликда жойлашган.

    Атмосферанинг пастки қисмида тропосфера (озон қатламигача) ундан юқорида озон, сўнгра стратосфера (Ер сатҳидан 38 км баландликда), мезосфера (38-42 км), термосфера (42-80 км) ва ионосфера (80-500 км) жойлашган.

    Гидросфера – Ернинг сувли қобиғи ҳисобланиб, таркибига Тинч океани, ер ости сувлари, музликлар, кўллар, дарёлар ва бошқалар киради. Гидросферанинг асоси (сув массаси бўйича 95%) Тинч океани ҳисобланади ва у тахминан бутун Ер юзаси майдонининг 71% эгаллайди. Тинч океанининг чуқурлиги ўртача 4 кмга тенг, энг чуқур жойи эса 11 кмдан ортиқ (Мариан чуқурлиги). Вертикал бўйича сувнинг қалинлиги бир нечта қатламлардан иборат: юза қатлам (эпипелагиаль) чуқурлиги 200-500 метргача, мезопелагиаль200-500 метрдан то 1-2 кмгача, батипелагиаль1-2 кмдан 3 кмгача, абиссопелагиаль (3-5 км) ва хадопелагиаль5 кмдан ортиқ.

    Литосфера – Ернинг қаттиқ қобиғи, чўкинди ва кристалли жинслардан ташкил топган. Ер пўстлоғининг қалинлиги, унинг турли ҳудудларида 40 кмдан то 100 кмгача, океан тубида эса 8-10 кмгача.

    Биосфера – Ернинг тирик организмлар яшайдиган соҳаси (бутун гидросферани, литосферанинг 4 кмгача бўлган юқори қисмини ва атмосферанинг пастки қисми, яъни Ер юзасидан то озон қатламигача).

    Бир йил нечта кунлардан иборат деб савол берилса, ҳеч иккиланмасдан 365 кун деб жавоб берамиз. Ҳақиқатда эса бир оз мураккаброқ, яъни йил – 365 кун, 5 соат, 48 минут ва 56 секунддан иборат. Бошқача қилиб айтганда ердаги бир йил 365,2564 кунга тенг. Ушбу қўшимча 0,2564 кун эса ҳар тўрт йилда келадиган кабиса йилини юзага келтиради ва кабиса йилида бир йил 366 кунга тенг бўлади.

    Коинот объектлари орасидаги масофанинг ўлчов бирлиги “астрономик бирлик (а.б.)” деб аталади. Бир а.б. Қуёш билан Ер орасидаги масофага тенг (яъни 1а.б. = 150 000 000 км). Демак Қуёшдан Марсгача бўлган масофа 1,52 а.б.га ва Юпитергача – 5,2 а.б.га тенг.

    Ернинг айланиш ўқи, унинг орбита текслигига ўтказилган перпендикулярга нисбатан 23,45° қияликга эга. Ойнинг орбитаси эса Ернинг орбитасига нисбатан 5 градус қияликга эга.

    Сайёрамизнинг баъзи физик тавсифларини қуйидаги жадвалдан билиб олишингиз мумкин.

Массаси (кг) 5,98.1024 кг
Диаметри 12 756 км
Зичлиги 5,52 г/см3
Юзасидаги ҳарорат -96°С дан +70°С гача
Юлдузлик кун узунлиги 23,56 соат
Орбитага нисбатан экваторнинг қиялиги 23°27`
Орбитасининг эксцентриклиги 0,017

    Совуқ ва қўрқинчли коинотда она сайёрамиз чинакамига жаннатмакон гўша. Қуёш тизимидаги барча сайёрлар, уларнинг йўлдошлари, сон-саноқсиз астреоидлар ва метеоритлар орасида фақатгина Ерда ҳаёт мавжудлигининг ўзиёқ унинг нақадар ноёб эканлигини исботлаб турибди.

    Энг муҳими Она сайёрамиз коинот галактикаларидан бири Сомон йўлининг энг қулай жойида жойлашган ва у, энг яхши, энг чиройли ва муҳими ҳаёт учун энг қулай ва шинам ошён.

    Бугун Сиз, Она еримизнинг баъзи тавсифларини билиб олдингиз ва юқорида келтирилган маълумотлардан ўзингиз учун янги ва зарур билимларга эга бўлган бўлсангиз, мен бундан жуда бахтиёрман.

     Муаллиф: ©usm.uz

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *