Шахсий ибрат – тарбиянинг энг самарали усулларидан бири!

spark plug

    Тадқиқотларнинг кўрсатишича, инсон заковати, тафаккури ривожланишининг энг юксак чўққиси, 0 дан то 3 ёшгача бўлган даврга тўғри келар экан. Демак айнан шу ёш оралиғида бизнинг келажагимиз пойдевори қурилади.

    Фарзандларимиз, уларга ишонишимизга, қўллаб-қувватлашимизга муҳтож бўлишади. Аммо бир нарсани эсингиздан чиқарманг – улар ота-онасидан ибрат оладилар. Сиз уларга яхши намуна бўла билинг!

    Болаларни қандай қилиб тўғри тарбия қилиш, назарий жиҳатдан барчамизга тушунарли албатта. Бироқ вақтимизнинг тиғизлиги, оқиллик ва сабрнинг етишмаслиги туфайли кўпчилик ҳолатларда бошқача йўл тутамиз.

    Кичкинтойнинг шахс сифатида шаклланиши учун ўта зарур бўлган бир нечта қоидалар мавжудки, уларни билмаслик, фарзандларимизнинг келажагини хавф остига қўяди. Уларни билиш ҳар бир ота-она учун ҳам қарз, ҳам фарз деб ҳисоблайман. Энг асосий қоидалардан бири: Боланинг қанотларини қирқманг. Бир кун келиб, у қанотларини шундай ёзадики, улар сизга ҳам қанот бўладилар, сизни ҳам йиқилишдан асрашга қодир бўладилар!

    Биринчи қоида. Одатда асосан кўпчилик ота-оналар ўзларининг севган машғулотларини ва қизиқишларини орқага суриб, бутун вақтини болалари билан ўтказишга ҳаракат қиладилар. Сиз бундай йўл тутманг, сиз оқил бўлинг, ўзингизга ҳам вақт қолдиринг, ўзингизга ҳам ғамхўрлик қилинг ва бунга болаларингизни ҳам ўргатинг.

    Иккинчи қоида.  Кўпчилик ота-оналар бутун бошли кечаларни боларанинг уй вазифаларини бажариш учун сарфлайдилар. Сиз асло бундай қилманг, чунки уй вазифаси учун бола ўзи жавоб бериши шарт. Агар нимадир ўхшамаса, қийинчилик юзага келса кўмак беринг. Шунда ҳам тўгри ечимга йўлни кўрсатинг, бола учун буни ўзингиз асло бажарманг.

    Учинчи қоида. Кўпчилик ота-оналар ўзларини оқлаш ёки бўлмаса “гуноҳларини ювиш”  учун болага совғалар сотиб олишга ҳаракат қиладилар. Ўйлайманки сиз бундай йўл тутмайсиз. Болага майда харажатлар учун пул беринг. Бола пулни тақсимот қилишни ва ўйинчоқлар сотиб олиш учун йиғишни ўзи ўрганиши зарур. Ота-она эса жараённи назорат қилиши ва кичкинтойни бунга ўргатиб бориши керак бўлади.

    Тўртинчи қоида.  Кўп ҳолларда ота-оналарда боланинг ёмон хулқи сабабларини мушоҳада қилишга, аниқлаштиришга сабрлари етмайди.  Бундай ҳолларда болани тезроқ тийиб қўйиш пайида бўладилар. Сиз аввало ушбу ҳолатнинг сабабларини ўрганиб, таҳлил қилинг ва муаммонинг ечимини топишга ёрдамлашишга ҳаракат қилинг.

  Бешинчи қоида. Аксарият ота-оналар биринчи навбатда болани муносиб ва муваффақиятга интилувчи инсон сифатида ўстиришни ҳоҳлайдилар. Сиз эса кичкинтой билан илиқ ва яқин муносабатларни йўлга қўйишга ҳаракат қилинг.

    Олтинчи қоида. Кўпчилик ота-оналар ўз боласини турли муаммолардан асрайдилар ва бу йўлда эса баъзан зарур бўлмаган ишларни ҳам қиладилар. Сиз эса йўл қўйиш мумкин бўлган ҳолларда болангизнинг хатога йўл қўйишига имкон беринг. Кейин эса ушбу вазиятдан сабоқ олишига, тўғри хулоса қилишига ёрдам беринг.

    Еттинчи қоида. Кўпчилик ота-оналар бола жазавага тушмаслиги ва йиғламаслиги учун унинг барча инжиқликларини кўтарадилар ва барча нарсаларни муҳаё қиладилар. Бундан эса болалар жуда кўплаб ҳолатларда фойдаланадилар. Сиз эса болангизнинг хаёлига турли инжиқликлар келишига имкон берманг. Сиз нафақат ўз истакларингизни, балки боланинг ҳам шахсий ҳудудини ва истакларини ҳам ҳурмат қилинг.

 Муаллиф: ©usm.uz

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *