Япония иқтисодий ва ижтимоий юксалишининг асосий негизи, бу донишмандларча қурилган таълим тизимидир (Economic and social development of Japan is the result of a competent education system)

flag of Japan

    Япония алоҳида анъаналар ва қоидаларга эга бўлган ўзига хос мамлакат ва у менинг назаримда мўъжизаларга тўла ўзгача олам, ўзгача сайёра. Японлар бу, юксак замонавий маданият, технологиялар ва қадимий урф-одатлар жамламасида бутун дунёни ҳайратларга кўмиб, шитоб билан юксалаётган халқ ва у ҳали бизни жуда кўп марталаб ажаблантиришдан чарчамайди шекилли. Аслида бизни қуршаб турган борлиқдаги барча ҳодисаларнинг сир-асрори илм орқали ечилади ва ҳар қандай жамиятнинг фаровонлиги, борлиқни кашф қилиш йўлда эришган муваффақиятлари, таълим тизимининг савияси ва унда истиқомат қилаётган инсонларнинг нечоғлик билимли эканлигининг ўлчови ҳисобланади чамамда.  Хўш бу борада ушбу мамлакат таълим тизими, япон мактаби ҳақида нималарни биламиз?

    Мен бир неча йиллар давомида Япония таълим тизимини ўрганишга ҳаракат қилдим ва ҳар сафар унда, дунёнинг бошқа бирорта мамлакатида учратмайдиган ўзига хос жиҳатларини кўрдим. Келинг бир чеккадан уларни бирма-бир санаб ўтсам.

    Японияда болалар боғчаси мажбурий ҳисобланади ва кичкинтойлар боғчаларга 3 ёшдан бошлаб қатнайдилар. Япон болалари боғчада арифметика асосларини эгаллайдилар ва хирагана и катакана (бўғинли алифбо) ўқишни ўрганадилар.

    Бошланғич мактабларда ўқиш 6 йил, ўрта мактаблар 3 йил ҳамда юқори синфларда ўқиш 3 йил давом этади, сўнгра эса ўқувчиларнинг хоҳишларига биноан 4 йил мобайнида университетда ўқишлари мумкин бўлади.

    Одатда мактабларда ўқув куни давомийлиги соат эрталаб 8:30 дан 15:00 гача. Авваллари Японияда дам олиш бир кун эди, бироқ 1992 йилдан бошлаб ҳукумат қарорига кўра дам олиш кунлари икки кунга узайтирилди. Аммо баъзи мактабларда бу қоидага амал қилинмайди ва шанба кунлари ҳам дарслар ўтказилади.

    Японияда ўқув йили апрелдан бошланади. Ўқувчилар уч семестр ўқийдилар: биринчиси — апрелдан июлнинг охиригача, иккинчиси – сентябр бошидан декабр ойининг ўртасигача ва учинчиси – январдан март ойининг ўртасигача давом этади. Японияда ўқувчиларнинг ёзги таътиллари бор-йўғи бир ёки бир ярим ой давом этади (мактаб маъмуриятининг ихтиёрига боғлиқ ҳолда) ва энг иссиқ ойга –августга тўғри келади.

    Бошланғич мактабга кириш учун барча болалар имтиҳон топширишлари шарт. Кимки, кириш имтиҳонларидан ўта олмаса, тайёрлов мактабида ўқишлари ва кейинги йил яна ўз омадларини синаб кўришлари мумкин бўлади.

    Бошланғич мактабда уйга вазифа берилмайди. Аммо ўрта мактаб ва юқори синфларда уй вазифалари етарли даражада кўп, ҳажмдор ва айнан шу туфайли япониянинг юқори синф ўқувчилари мамлакатда энг банд одамлар ҳисобланишади.

    Ўқувчиларга ёзги ва қишки таътиллар учун уй вазифалари берилади. Одатда ўқувчилар таътил давомидаги бўш вақтларининг катта қисмида уй вазифалари билан ёки мактаб клубларига қатнаш билан машғул бўладилар.

    Бошланғич ва ўрта мактабларда ўқиш мажбурий ва текин. Юқори синфларда ва университетларда ўқиш доимо тўлов асосида.

    Ўрта мактабдан юқори синфларга ўтиш учун имтиҳон топшириш зарур. Ҳар бир семестр якунида ҳамда биринчи ва иккинчи семестрларнинг ўртасида ҳам имтиҳонлар топширилади.

    Ҳар бир мактабнинг, ўз ноёб ва хос  “мактаб кийими” бор. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “мактаб кийими” мактабда ўқишнинг мажбурий шарти бўлиб, ундан фойдаланиш тенглик ва жамоавий кайфиятни тарбиялашнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Японларнинг фикрича эркин мактаб кийими, япон жамиятининг яхлитлигини англашга путур етказади.

    Мактабга киришингиз билан оёқ кийими учун махсус алоҳида бўлимларга бўлинган очиқ шкафлар мавжуд ва улар «гетабако» деб аталади. Бу бўлимлар бир вақтнинг ўзида мактаб ўқувчилари учун шахсий ҳудуд ҳисобланади. Мактабга кирган1да оёқ кийимларини ечишнинг асосий сабабларидан бири, бу ўқувчиларда маъсулият ва атрофдагиларга ҳурматни шакллантиришдан иборат. Шу йўл билан ўқувчилар онгига мактаб тозалиги учун ҳисса қўшиш улар зиммасидаги муҳим вазифа эканлиги сингдирилади. Айнан шунинг учун ҳам япониянинг таълим муассасаларида фаррошлар йўқ. Шундай қилиб, ҳар бир ўқувчи мактабдаги тартиб-интизом ва тозалик учун шахсан масъул ҳисобланади ва ўзининг хулқи билан тозаликни таъминлайди.

    Японияда ёпиладиган ёки қулфланадиган шкафлардан фойдаланишга ҳожат йўқ. Шахсий буюмлар бошқа ўқувчилар учун дахлсиз ҳисобланади. Шундай қилиб шахсий ҳаётнинг ва хусусий ҳудуднинг дахлсизлиги ҳеч қандай эҳтиёт чораларисиз сақланишига эришилади.

    Яна бир муҳим фазилатлар, тенглик ва адолатлилик. Юқорида таъкидлаганимдек мактабларда фаррошларнинг йўқлиги, ниҳоятда муҳим жиҳатни – ўқувчиларнинг барчаси бараварлигини таъминлайди. Японларнинг фикрича, ўқувчилар томонидан ўзларнинг даражасидан паст бўлган одамларнинг борлигини ва улар учун ишлашини ҳис қилиши, инсонларнинг тенглигига зид ва шунинг учун ҳам японлар мактабларда фаррошлар хизматидан фойдаланмасликка ҳаракат қиладилар.

    Кўчада кийиладиган оёқ кийими ечилгандан сўнг бино ичида кийиладиган пойабзал «увагутсу» (uwagutsu) деб аталади. Ушбу 2пойабзаллар юмшоқ тагликга эга бўлиб, тозаликни ва ўқувчиларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлайди. Бундан ташқари, улар йилнинг совуқ кунларида оёқларни аъло даражада иссиқ сақлайди.

    Жуда кўплаб мактабларда соч ранги учун қатъий қоидалар ўрнатилган. Мактаб ўқувчилари учун сочнинг табиий рангда бўлиши шарт ҳисобланади. Кўплаб давлат ва хусусий мактабларда ўғил болаларга узун соч қўйишга рухсат берилмайди, саришта ва калта соч қўйиш мумкин. Қиз болалар учун сочни жингалак қилиш, косметикадан фойдаланиш, тирноқларга лак қўйиш, заргарлик тақинчоқларини тақишга (қўл соатидан ташқари) рухсат берилмайди.

    Мактаб ўқувчилари фақатгина оқ, қора ёки тўқ-кўк рангдаги пайпоқ кийишлари мумкин. Агар ўқувчи, мактаб қоидаларига зид равишда, масалан жигар рангдаги пайпоқ кийса, бундай кийим мусодара қилинади.

    Одатий япон синфи 30-40 нафар ўқувчилардан иборат бўлади. Ўқувчилар бутун ўқув йили дав3омида битта синфда таълим оладилар, ўқитувчилар эса синфдан-синфга ўтишга мажбур ҳисобланадилар. Мактабларда ўқитувчиларни алмаштириш жуда камдан-кам ҳолларда юз беради. Агар ўқитувчи бирон сабаб туфайли дарсга кела олмаса, ўқувчилар ўзлари мустақил шуғулланадилар ва шовқин-суронсиз, сокин дарсларини қиладилар. Бошқа ўқитувчи келиб вақти-вақти билан дарсдан хабар олиб туриши мумкин.

    Ўқувчилар япон тилида ўқиш ва ёзишлари учун тахимнан 2500 та белгиларни ёд олишлари зарур бўлади. Япон болалари учта турли хилдаги усуллар билан ўқиш ва ёзишни ўрганишлари зарур: японча иероглифлари билан, хитой иероглифларининг японча варианти билан ва лотин алифбоси билан.

    Япония мактабларида ўқитиладиган асосий фанлар — математика, япон тили, ижтимоий фанлар, ҳунармандчилик, мусиқа ва жисмоний тарбия. Бугунги кунга келиб кўплаб бошланғич мактабларда инглиз тили ўқитилмоқда. Ўқувчилар соғлом ҳаёт тарзини, информатика, мусиқа, санъат, жисмоний тарбия, уй хўжалигини юритиш ҳамда анъанавий санъат — каллиграфия ва хайка (япон поэзияси) ўрганадилар.

    Мактаблар таълимни такомиллаштириш мақсадида ахборот технологияларини қўллашади. Барча мактабларда интернет тармоғи мавжуд.

    Барча мактабларда синфлар кичик гуруҳларга бўлинади. Бу гуруҳлар турли хилллардаги фаолиятларни амалга оширишади – масалан, синфни, ҳовлини, йўлакларни  ва ҳ.к. тозалаш.

    Кўплаб мактаблар ўқувчиларнинг икки турдаги клублардан биттасига қатнашишини рағбатлантирадилар — спорт клубига (футбол, кендо, бейсбол, дзюдо, теннис, енгил атлетика, сузиш, волейбол, регби) ёки маданий клубга (каллиграфия, математика, фанлар). Клубларнинг иштирокчилари дарслардан сўнг учрашадилар ва биргаликда шуғулланадилар.

    Юқорида таъкидланганидек япония мактабларида фаррошлар йўқ. Дарс машғулотлари тугаганидан сўнг ўқувчилар ўзлари ҳар куни синфларни, йўлакларни4 тозалайдилар, ҳожатхоналарни ювадилар ва мактаб ҳудудини тартибга келтириб, саранжом-саришталигини таъминлайдилар.

    Мактабларда сувда сузиш машқлари ҳам ўқув дастурига киритилган.  Жуда кўплаб мактабларда, мактаб бассейнлари мавжуд бўлиб, ўқувчилар минимал масофаларга сузишга ўргатилади. Сузишни ўргана олмаган ўқувчилар ёзги таътил даврида ўрганишлари шарт ҳисобланади.

    Ҳар бир мактабда парҳез бўйича мутахассис (диетолог) фаолият юритади ва у ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши ҳамда таомнома тузиш билан шуғулланади. Мактабга ширинликлар олиб келиш, ҳаттоки дори-дармон олиб келишга рухсат берилмайди, чунки конфетлар енгил таомланиш учун зарарли таом сифатида қаралади.

    Япония мактаблари ҳудудида ўқувчиларга қўл телефонларидан фойдаланишга рухсат берилмайди. Ўқувчилар мактабга киришдан олдин транспорт воситаларини қўйиш жойида, дарслар орасида ёки дарсдан кейин  телефондан фойдаланишлари мумкин. Агар ўқитувчи дарсда телефон борлигини билса, уни мусодора қилиш шарт ҳисобланади.

    Талабалар олий ўқув юртларига автомобилларда келадилар. Японияда мактаб автобуси деган тушунча йўқ. Ўқувчилар пиёда, велосипедда ёки шаҳар, жамоат транспортида мактабларга қатнайдилар. Бошланғич мактаблар ўқувчилари кичик гуруҳларга бирлашган ҳолда мактабларга қатнайдилар.

    Олий ўқув юртига кириш имтиҳонларидаги натижаларингиз қанчалик юқори бўлса, коллеждаги ўқишингиз учун маблағ тўлайдиган йирик компаниянинг молиявий мададини олиш эҳтимоллиги ошиб боради. Талаба ўқишни тугатгандан сўнг унинг ўқишини молиялаштирган компанияга ишга боради ва сарфланган маблағ унинг ойлигидан ушлаб қолинади.

    Токио ва Йокогама шаҳарларида соат 22:00 дан комендантлик соатлари амал қилади. 18 ёшга тўлмаган болалар соат 22:00 дан сўнг кинотеатрларга ва ўйин автоматларига боришлари таъқиқланади.

    Сўнги сўз ўрнида шуни ишонч билан таъкидлашим жоизки, Япония таълим тизими нисбатан ёш бўлсада, нафақат Тинч океани ҳудудида, балки бутун дунёда энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Японлар педагогика илмининг барча энг сўнги ютуқларини, япон жамияти қурилишининг ўзига хосликлари билан синтез қилган ҳолда ўз мамлакатларида нафақат иқтисодий ўсишнинг ҳайратланарли суръатларига эришишнинг, балки етарли даражадаги юксак ҳаёт даражасини ҳам таъминлашнинг уддасидан чиқдилар. Улар мамлакат учун, юқори даражада автоматлаштирилган самарали таълим тизими нафақат шарт, балки ҳаётий зарурат эканлигини бошқалардан кўра олдин англаб етдилар. Шунинг учун ҳам ишонч билан айтишим мумкинки, ушбу мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий юксалишининг асосий негизи, бу донишмандларча қурилган таълим тизимининг натижасидир.

 Муаллиф: ©usm.uz

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *